Тошкентда халқаро болалар биенналеси бўлиб ўтмоқда

Дата: 20:55, 20-12-2016.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – 19-23 декабр кунлари Тошкентда “Тошкент қувончлари” VI Халқаро болалар расмлари биенналеси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Бадиий академия ҳамкорлигида уюштирилган.

Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, болалар расмлари конкурсига деярли 30 мамлакатдан болалар ўз ижодий ишларини йўллаганлар. Шу орқали улар дўстона алоқаларни ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг истеъдодли вакиллари орасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишига муҳим ҳисса қўшмоқдалар.

Кўргазма экспозициясига 3 минг расмлар кирган бўлиб, улардан 1 минги ўзбекистонлик ёш рассомларнинг, қолганлари уларнинг хорижий тенгдошларининг ишларидир.

Матбуот анжуманида Академия раиси Акмал Нур ва бошқаларнинг таъкидлашича, бу йили ушбу тадбирнинг ўтказилиши Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили” давлат дастурини амалга ошириш билан бирга кечмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: