Тошкентда Халқаро онкологлар форуми бўлиб ўтмоқда

Дата: 17:12, 15-10-2015.

Тошкент. 15 октябр. ЎзТАГ – Куни-кеча Тошкентда “Марказий Осиёда онкологик касалликлар устидан назорат қилиш бўйича етакчиларнинг халқаро форуми” очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика соғлиқни-сақлаш вазирлигига асосланган ҳолда.

Форум Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни-сақлаш вазирлиги, АҚШ онкология институти (NCI), Саратонга қарши кураш бўйича халқаро иттифоқ (UICC), МДҲ ва Евроосиё мамлакатлари онкологик марказ ва институтлар директорлар уюшмаси (АДИОР) томонидан ташқил этилган.

Унда Ўзбекистондан 164 вакил, Австралия, Арманистон, Беларусь, Бельгия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, АҚШ, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига оид жами 250 делегат қатнашмоқда.

“Бугун (14 октябрда – ЎзТАГ) очилган Марказий Осиёда саратон касалликлари билан кураш бўйича халқаро форум тиббиёт соҳаси учун катта аҳамиятга эга. Ундан кўзланган асосий мақсад – соҳадаги илғор амалиётлар бўйича тажриба алмашишдан иборат”, - деб таъкидлади Халқаро саратонга қарши иттифоқ президенти, тиббиёт фанлари доктори профессор Тезер Кутлук.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни-сақлаш вазирлигининг илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саримбек Наврўзов ҳам республикада онкология хизматининг ҳолати ҳақида маъруза қилди.

Унда мамлакатда 13 вилоят онкологик диспансерлари тўлиқ реконструкция қилингани таъкидланди. Фарғона ва Навоий, Жиззах онкодиспасерларида янги бинолар қурилди.

15-16 октябрда Форум тор доирада ўз ишини давом эттиради ва ҳар бир мамлакат делегациялари NCI ва UICC мутахассислари билан бирга саратонга қарши кураш режаларини ишлаб чиқиши хабар қилинмоқда.

Форум якунлари бўйича резолюция қабул қилинади ва у муҳокама қилинганидан сўнг соҳадаги етакчи журналларда эълон қилиниб, жамоатчиликка етказилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: