Тошкентда халқаро суғурта форуми бошланди

Дата: 07:25, 02-06-2016.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Бугун Ўзбекистон пойтахтида халқаро суғурта ва қайта суғурталаш бўйича IХ Тошкент халқаро форуми бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

4 июнгача давом этувчи форум “SAIPRO ахборот-рейтинг агентлиги” томонидан Араб суғурталаш бош федерацияси билан ҳамкорликда ва “Media XPRIMM” медиа-компанияси (Руминия), Украина суғурта ташкилотлари лигаси, Беларус суғурталовчилар уюшмаси, Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси кўмагида ташкил этилган.

SAIPROдан маълум қилишларича, жорий йилда тадбирда 200 атрофида вазирликлар ва идоралар, халқаро ташкилотлар ва суғурта уюшмалари вакиллари, маҳаллий ва хорижий суғурта ҳамда қайта суғурта компаниялари раҳбарлари, етакчи экспертлар ва соҳа мутахассислари қатнашмоқда.

Форум Ўзбекистон суғурта бозорининг ҳолати ва истиқболлари, лизинг ва суғурта компанияларининг ҳамкорлиги каби масалаларга бағишланган ялпи йиғилиш билан очилди.

Секция йиғилишларида эса суғурта ва қайта суғуртага оид бир қатор долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда соҳа мутахассисларининг янада аҳамиятли ва долзарб мавзулар бўйича фикрларини тинглаш мумкин бўлади.

Форум доирасида суғурта соҳасидаги “Олтин соябон” мукофоти лауреатларига дипломлар топширишга бағишланган тантанали маросим ҳам ўтказилади. Мукофот  “SAIPRO ахборот-рейтинг агентлиги” томонидан Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси билан биргаликда таъсис қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: