Тошкентда халқаро туристик ярмаркаси бошланди
Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Бугун, 3 октябр куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида 23-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси (ТХТЯ-2017) очилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тадбир “Ўзэкспомарказ” кўргазма мажмуасида 5 октябрга қадар давом этади.
Бу сафар ТХТЯ-2017нинг минтақавий ҳамкори Хоразм вилояти бўлди. Маълумки, ушбу ҳудуд ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб туристларни қабул қилади.
Давлат туризм қўмитаси маълумотларига кўра, миллий павильонда Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти миллий маданияти ва туристик салоҳиятининг хусусиятларини намойиш этувчи тақдимот стендлари ўрнатилган.
ТХТЯ-2017 кўргазмаси доирасида “Буюк Ипак йўли таъми” миллий таомлари фестивали бўлиб ўтади. Шунингдек, “Буюк Ипак йўли халқаро туризм тараққиётининг тарихий кесимида” мавзусида конференция ҳам ўтказилади.