Тошкентда хитой товарларини европа маҳсулотлари сифатида сотаётган молдаванлар ушланди

Дата: 17:09, 08-11-2017.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда хитой товарларини европа маҳсулотлари сифатида сотаётган молдаванлар ушланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига бир неча нафар чет эл фуқаролари Тошкент шаҳридаги бозорлардан ҳар хил турдаги буюмларни арзон нархларда харид қилиб, уларни Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудларида фуқароларга алдов йўли билан қиммат нархларда сотиб келаётганликлари ҳақида хабар келиб тушди”, - дейилади ИИББ матбуот хизмати хабарида.

Мазкур хабар асосида 2017 йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, тадбир давомида икки нафар лўли миллатига мансуб бўлган, Молдова Республикаси фуқаролари 1991 йилда туғилган Плешко Александр ҳамда 1987 йилда туғилган Чеботарь Александрлар аниқланиб, мазкур шахслар Тошкент вилоятида жойлашган меҳмонхонада вақтинча яшаб, Чилонзор туманидаги “Абу Сахий” бозоридан ошхона анжомлари, идиш-товоқ комплектлари ва шу каби бошқа буюмларни арзон нархларда сотиб олишгани аниқланди.

“Юқоридаги шахслар буюмларни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг атрофида, бозорларда ҳамда супермаркетларда гўёки мазкур буюмлар Европа давлатларида ишлаб чиқарилганлигини билдириб, харидорларни алдаш орқали қиммат нархларга сотиб келаётганликлари маълум бўлди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: