Тошкентда Хитойдаги Кантон ярмаркаси билан телекўприк ташкил этилди

Дата: 17:06, 10-09-2014.

Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги “Техно Плаза” бизнес-марказида ўзбек тадбиркорлари ва жаҳонга машҳур Кантон ярмаркаси («Canton Fair», ХХР) ташкилотчилари ўртасида телекўприк уюштирилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси, Ўзбек-Хитой савдо уйи ва IBT компанияси томонидан ташкил этилди.

IBT компаниясидан хабар беришларича, ўзбек тадбиркорлари Кантон ярмаркаси вакили Жан Кьюнинг тақдимоти билан танишдилар, кўргазма иштирокчилари қандай танланиши ҳақида билиб олдилар. Жан Кьюнинг сўзларига кўра, ярмаркага фақат тадбир ташкилотчиларидан махсус сертификат олган компанияларгина қўйилади.

Телекўприк давомида хитойлик компаниялар билан шартномалар тузиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

IBT компанияси Кантон ярмаркасининг Ўзбекистондаги эксклюзив вакили ҳисобланади. Ҳозирга қадар 1 мингдан ошиқ маҳаллий тадбиркорлар “Canton Fair”га ташриф буюрганлар.

Кантон ярмаркаси 1957 йилдан бери доимий равишда йилига икки марта ўтказилиб келинади. Ярмаркада тузилган битимлар Хитой экспортининг ўндан бир қисмини ташкил қилади.

2014 йилнинг октябрида 116-Кантон ярмаркаси ўтказилади. Унда 200 мамлакатдан вакиллар иштирок этадилар. Тадбирга 200 минг киши ташриф буюриши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: