Тошкентда хитойлик ёзувчининг ўзбек тилидаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Дата: 16:27, 17-03-2016.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасида хитойлик ёзувчи Лао Шэнинг ўзбек тилида чоп этилган “Мушуклар шаҳри хотиралари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кутубхонадан хабар қилишларича, тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари, “Davr Press” нашриёт-матбаа уйи ходимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, журналистлар, хитойшунос олимлар, таржимонлар ва Тошкент шаҳри ОТМ талабалари иштирок этдилар.

Тақдимотни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, ю.ф.д., профессор А.Саидов очди ва китобни тақдимотини ташкил этган Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ва уни сифатли ва ёрқин кўринишда нашр этишда кўмаклашган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди. А.Саидов хитой ёзувчиси Лао Шэ ҳаёти, ижоди, умуман хитой адабиёти ҳақида сўзлаб берди.

 Эслатиб ўтамизки, Лао Шэнинг китобини ўзбек тилига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Эркин Эрназаров таржима қилган.

Лао Шенинг “Мушуклар шаҳри хотиралари” роман-памфлетида фантастика ва ҳажв орқали жамиятнинг иллатларини очиб бериш орқали хитой миллий характери тасвирланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: