Тошкентда “Хизб-ут Таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти аъзолари фаолиятига чек қўйилди

Дата: 15:58, 29-10-2015.

Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – Тошкентда “Хизб-ут Таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти аъзолари фаолиятига чек қўйилди, деб хабар қилади республика ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“2015 йилнинг 29 октябрида Тошкент шаҳрида “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Жами Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида “Ҳизб ут-Таҳрир” ДЭТ гуруҳи мафкурасини тарғиб қилиш билан шуғулланиб келган 16 киши қўлга олинди”, - дейилади ИИВ пайшанба куни эълон қилинган хабарида.

Олинган маълумотларга кўра, қўлга олинганларнинг бир қисми “Ҳизб ут-Таҳрир” ДЭТ таъсирига республикадан ташқарида тушиб қолган, сўнг, Ўзбекистонга қайтиб, рафиқалари ва вояга етмаган болаларига уни мажбурлаб сингдира бошлаган.

Шунингдек, қўлга олинганлар турар жойларида тинтув чоғида уларнинг уйларидан кўп миқдорда экстремистик адабиёт топилган.

“Айни пайтда ИИВ Бош тергов бошқармаси томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилиши масаласи кўрилмоқда”, дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: