Тошкентда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – 26 мартда Тошкентга “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этиш учун келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
“Ишчи кечки зиёфат шаклида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдураҳманов, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдылдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сироджидин Аслов, Туркманистон элчиси Шири Шириев ва Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салаҳиддин Раббоний, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси бошлиғи Тадамичи Ямамото ва Бош котибнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича БМТ Минтақавий маркази раҳбари Наталья Германлар қатнашдилар. Шунингдек, Марказий Осиё ва Афғонистон мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари, БМТ агентликлари раҳбарларига Европа Комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқи Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини қўшилди”, - дейилади хабарда.
Томонлар норасмий шароитда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик масалалари, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланиши, транспорт ва транспорт коммуникациялар, энергетика, сармоявий, маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш, Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилма алоқаларга жалб қилиш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.
“Делегациялар раҳбарларининг чиқишларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг афғон томони билан ҳамкорликда 27-март куни ўз ишини бошлаган Афғонистон бўйича Тошкент форумини ўтказиш бўйича ташаббусининг муҳимлиги ва долзарблиги таъкидлаб ўтилди” – деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-32105.htm