Тошкентда кучли таъсир қилувчи воситаларни сотиш билан шуғулланган гуруҳ фош қилинди

Дата: 15:22, 17-10-2017.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) врач рецептисиз сотиш таъқиқланган кучли таъсир қилувчи дориларни сотиш билан шуғулланган бир гуруҳ шахсларнинг фаолиятига чек қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Фарғона вилоятида яшовчи муқаддам судланган Зоҳид Масодиқов, унинг онаси – тўрт марта судланган Орзу Масодиқова ва уларнинг шериги Бахтиёр Аҳмедов 1208 дона “лирика” ва 1000 дона “трамадол” таблеткаларини 14 млн сўмга сотаётганида далиллар билан бирга қўлга олинди.

“Суриштирув доирасида Зоҳид Масодиқов ва Орзу Масодиқова мазкур воситаларни Бахтиёр Аҳмедовдан кейинчалик сотиш учун сотиб олишгани маълум бўлди. Бахтиёр Аҳмедовнинг ўзи эса терговни чалғитиш мақсадида куни кеча Қўқондан келганини, дориларни Зоҳид Масодиқовнинг илтимоси билан Тошкентлик Темур исмли шахсдан сотиб олганлигини айтди”, - деб таъкидланади куч тизими хабарида.

Аммо тергов доирасида Аҳмедов анча вақтдан буён Тошкентда яшаётгани ва пойтахтга кучли таъсир қилувчи дори воситаларини етказиб берувчилардан бири эканлиги аниқланди. Унинг Миробод туманидаги яшаш жойи кўздан кечирилганида, у ерда яна 4 минг дона “лирика” таблеткаси, 43 дона “трамадол” таблеткаси, 96,9 млн сўм ҳамда ҳисоб-китоб юритилган иккита дафтар топилди.

Махсус тадбир чоғида жами 5208 дона “лирика” ва 1043 дона “трамадол” таблеткалари олиб қўйилди. Уларнинг тахминий қиймати 80,2 млн сўмдан ошади. Тергов чоғида Бахтиёр Аҳмедов олиб қўйилган воситалар учун сертификат ва уларни Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берувчи бошқа ҳужжатларни кўрсата олмади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими мазкур факт бўйича Жиноят кодексининг 246- ва 251- моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: