Тошкентда Малик Набиев ва Рўзи Чориев меъросига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда
Тошкент. 10 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида Малик Набиев ва Рўзи Чориев ижодий меъросига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Халқ рассомлари Малик Набиев ва Рўзи Чориевларнинг шахсий кўргазмалари “Бизнинг меърос” дастури доирасида ташкил этилган.
Академия маълумотига кўра, улар томонидан ўзбек тасвирий санъати ривожига катта ҳисса қўшилган. Ҳар икки санъат устасини ўзига хос ижодий услуб ажратиб туради.
Малик Набиев – тан олинган педагог бўлиб, 1937 йилдан бери Беньков номидаги Республика бадиий ўқув юртида дарс берган. Кейин 1958 йилдан бошлаб умри сўнгига қадар Низомий номидаги Педагогика университетида ишлаган.
Рўзи Чориев эса тарихий жанрга ихтисошлашган эди. Унинг “Реквием”, “Амирликнинг қулаши”, “Беруний” ва бошқа асарлари чуқур фалсафий маъно ва ўзига хос бадиий ечимга эга. Рассомнинг кўплаб асарлари унинг туғилган юрти бўлган Сурхандарёда яратилган.