Тошкентда мамлакатнинг энг йирик саноат кўргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 17:22, 05-10-2016.

Тошкент. 5 октябр. ЎзТАГ – 24-31 октябрда мамлакатда X Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар бериш, янги ҳамкорлар топиш, маҳсулотларни етказиб бериш, жумладан, экспорт қилиш бўйича шартномалар тузишга кўмаклашишдан иборатдир.

“Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатнинг 2200 дан ортиқ корхона, компания, ташкилот ва кичик бизнес субъекти ўз маҳсулотлари билан иштирок этади. Улар машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика каби соҳаларга доир 24 минг турдан ортиқ тайёр маҳсулот, бутловчи буюм ва материалларни намойиш қилади”, - деб таъкидлашди Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси дирекциясида.

Форум доирасида мамлакатнинг етакчи саноат корхоналари ўз тақдимотларини ўтказадилар. Иштирокчилар Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси томонидан ҳар йили нашр этилаётган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари каталоги ёрдамида ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар билан танишиш имконига эга бўлади.

Ўтган йилда ярмаркага 100 мингдан зиёд киши, 55 мамлакатнинг 1,3 минг фирма ва компаниялари вакиллари ташриф буюрган эди. Улар орасида Буюк Британия, Германия, Италия, Ҳиндистон, Хитой, Корея Республикаси, Россия ва бошқа давлатлар вакиллари бўлган. Умумий қиймати 11 трлн сўмлик ва $8 млрдлик экспорт шартномалари имзоланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: