Тошкентда майдони 80 гектар бўлган халқаро ишбилармонлик маркази қурилади
Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Тошкентда майдони 80 гектар бўлган халқаро ишбилармонлик маркази қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Tashkent City халқаро бизнес маркази бўлади. Мазкур замонавий комплекс пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Tashkent City лойиҳаси билан танишувига бағишланган хабарида.
Ҳозирги кунда ҳудудни қурилишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. “Марказни лойиҳалаштириш ва қуришга мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг етакчи лойиҳа институтлари, чет эллик инвесторлар жалб этилмоқда”, - дейилади хабарда.
Лойиҳа билан танишиш жараёнида “буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни жойида муҳокама қилинди”. “Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди”, - деб таъкидланади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, марказ қурилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 28 июлдаги қарори билан кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Tashkent Сity халқаро бизнес маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.