Тошкентда МДҲнинг 7 мамлакати бош вазирлари мажлис ўтказадилар
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда МДҲнинг 7 мамлакати бош вазирлари мажлис ўтказадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Тошкент шаҳрида 2017 йил 3 ноябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон ҳукуматидан ташқари Арманистон Бош вазири Карен Карапетян, Беларусь Бош вазири Андрей Кобяков, Қозоғистон Бош вазири Бакитжон Сагинтаев, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов, Россия Бош вазири Дмитрий Медведев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев мажлисдаги иштирокини тасдиқлаганлар.
Бундан ташқари, ушбу учрашувда Озарбайжон ва Туркманистондан Бош вазир ўринбосарлари, Молдовадан мамлакатнинг МДҲ устави доирасидаги ва бошқа органлари ҳузуридаги мухтор вакили қатнашади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарларини қабул қилиши кутилмоқда.
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Тошкентда илк бор ўтаётган мажлиси кун тартибига 18 та ҳужжат лойиҳалари киритилган.
“Тор доирадаги йиғилишда МДҲ давлатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари юзасидан эркин фикр алмашиш, шунингдек, Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш санаси юзасидан келишиб олиш кўзда тутилган. Делегация аъзолари иштирокидаги кенгайтирилган мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, жумладан, эркин савдо зонаси доирасидаги ҳамкорлик, нефть ва газ машинасозлиги, мелиорация ва товарларнинг божхона нархлари масалалари муҳокама қилинади”, - деб таъкидланади хабарда.
Анъанага кўра мажлис доирасида Ҳамдўстлик давлатлари делегацияларининг икки томонлама қатор учрашувлари бўлиб ўтади. МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси тадбирларида расмий делегация аъзолари ва журналистлардан иборат 200 дан ортиқ меҳмон иштирок этиши кутилмоқда.