Тошкентда “Медиа, реклама ва замонавий технологиялар” халқаро форуми бошланди
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда уч кунлик “Медиа, реклама ва замонавий технологиялар” халқаро форуми бошланди, деб хабар беради пайшанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Форум доирасида масс-медиа, реклама ва маркетинг бозоридаги ривожланишда биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган мавзулар, шу жумладан, жаҳон ва мамлакатдаги медиа саноатнинг ривожланиш истиқболлари, медиа-контентни шакллантириш ва етказиш соҳасидаги инновациялар, телеаудиторияни ўлчашдаги хусусиятлар, реклама ва маркетинг стратегияларининг асосий трендлари, медиа агентликларининг бугунги кун воқелигида ишлаш истиқболлари ва бошқа масалаларнинг муҳокама қилиниши режалаштирилган”, - деб таъкидлашди лойиҳа ташкилотчилари.
Шунингдек, форум иштирокчиларини ноёб кинонамойиш ҳам кутади. Форум қатнашчилари эътиборига Жан Мари Бурсиконинг “Реклама шинавандалари туни” лойиҳаси доирасида бутун дунёдан жамланган ғаройиб роликлар кўрсатилади.
Тадбирда иштирокчилари орасида етакчи ўзбек медиа тузилмалари раҳбарлари, “Discovery Communications” (Германия), “Fremantle Media”, “Thompson Reuters” (Буюк Британия), “Huawei” (Хитой), “Газпром-Медиа Развлекательное телевидение”, “Soft-Lab NSK”, “Московский Телепорт”, “Sony Electronics” (Россия), “Saran Media” (Мальта), “Live U” (Исроил), “TNS Central Asia” (Қозоғистон), “Dentsu Inc.” (Япония) ва бошқа кўплаб компанияларнинг нуфузли халқаро экспертлари бор.