Тошкентда металлга ишлов бериш бўйича юқоритехнологик завод очилади

Дата: 14:28, 10-07-2018.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – 12 июлда Тошкентда металлга ишлов бериш бўйича “MetalProcessing” МЧЖ ХК юқоритехнологик заводи очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзенгилсаноат” уюшмасида хабар берилишича, ясси листлар ишлаб чиқарувчи Швейцария ускуналари билан жиҳозланган янги завод юқори аниқликдаги металл қисмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Завод маҳаллий компания билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, республикада Rieter машиналарини маҳаллийлаштиришда муҳим қадам бўлади.

Умуман, Ўзбекистонда металлургия лойиҳасининг ишга туширилиши ясси металлни ишлаб чиқариш бўйича янги даврнинг бошланганини англатади. Бу Ўзбекистонда ва бутун Марказий Осиёда замонавий металлургия саноатини ривожлантиришга катта ҳиссадир.

Заводнинг тантанали очилиш маросимида Швейцариянинг иқтисодиёт, таълим ва илмий тадқиқотлар федерал вазири Иоганн Шнейдер-Амман бошчилигидаги Швейцария делегацияси иштирок этади.

Швейцария делегациясининг ташрифи “Ўзенгилсаноат” уюшмаси томонидан маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш мақсадида Rieter AG компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Завод маҳсулоти мижозларнинг кенг кўламдаги талабларини қондиришга мўлжалланган.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати, “Ўзенгилсаноат” уюшмаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа идоралар кўмагида амалга оширилди.

 

Сурат манбаи: http://energy-prom.com/

Янгилик билан ўртоқлашиш: