Тошкентда милиционер руҳий касалхонадан қочиб кетган учинчи шахсни қўлга олиш пайтида яраланди
Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда милиционер руҳий касалхонадан қочиб кетган учинчи шахсни қўлга олиш пайтида яраланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2017 йилнинг 21 ноябрь куни соат тахминан 15:00ларда, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, Чилонзор туманида жойлашган “Абу Сахий” бозори ҳудудида, 2017 йилнинг 20 ноябрь куни Олмазор туманида жойлашган руҳий касалликлар шифохонасидан қочган учинчи шахс Омонов Шерқул Сафарович қўлга олинди”, - дейилади Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабарида.
Шундан кейин таъкидланишича, у қўлга олиш жараёнида ёнида бўлган пичоқ билан ички ишлар органлари ходимига қуролли фаол қаршилик кўрсатиб, ён атрофдагиларга нисбатан жиддий хавф туғдирди. “Бироқ, ИИБ ходими тан жароҳати олган бўлишига қарамай, юқори профессионал тайёргарлиги ва жасорати туфайли Ш.С.Омоновни қуролсизлантириб, қўлга олди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, олдинроқ биз Тошкент ИИББ матбуот хизматига асосланиб, руҳий касалхонадан қочган уч шахсдан иккитаси қўлга олингани ҳақида маълум қилган эдик.


