Тошкентда миллий чолғулар оркестри фестивали бўлиб ўтмоқда

Дата: 16:58, 03-05-2016.

Тошкент. 3 май. ЎзТАГ – 2-4 майда Тошкентда “Наврўз садолари” II кўповозли ансамбллар ва миллий чолғулар оркестрлари фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир ҳамташкилотчиси бўлган “Соғлом авлод учун” жамғармасидан хабар беришларича, миллий чолғулар оркестри ва кўп овозли ансамбллари жамоа ижрочилиги – республикамиз мусиқа маданиятидаги энг ёш йўналишларидан биридир.

Ушбу мусиқа фестивали кўп овозли ижро шаклини ривожлантириш ва янада оммалаштиришга йўналтирилган. Бу жуда муҳим жиҳат. Чунки фестивалда катта оркестр жамоалари билан бир қаторда, кичик ансамбл гуруҳларининг иштирок этиши, республикамизнинг узоқ нуқталарида ҳам мусиқа оламида ижод қилиб келаётган турли ёшдаги ижодкорларни кенгроқ қамраб олишни таъминлайди.

Фестивал иштирокчилари орасида маданият, мусиқа ва санъат лицейлари ҳамда коллежлар оркестр ҳамда ансамбллар, шунингдек, профессионал жамоалар бор. Умумий иштирокчилар сони 1000 нафардан зиёддир. Уларнинг ёши эса 16 ёшдан 19 ёшгачани ташкил этади. Фестивалда Ўзбекистон вакилларидан ташқари, қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидан ҳам иштирокчилар бор.

Фестивалнинг бадиий раҳбари – проф. Феруза Равшановна Абдурахимова.

Тадбир ташкилотчилари – Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими вазирликлари, “Сўғдиёна” миллий чолғулар камер оркестри, Швейцариянинг ҳамкорлик бюроси, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: