Тошкентда минтақа мамлакатлари катталарга таълим бериш тажрибасини ўрганмоқдалар
Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – 27 ноябрда Тошкентда уч Марказий Осиё мамлакатлари (Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон) мутахассислари, халқаро жэкспертлар иштирокида “Катталарга таълим бериш соҳасида муваффақиятли халқаро амалиёт” семинари бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тадбир Ўзбекистондаги DVV International (Немис халқ университетлари уюшмаси) ваколатхонаси томонидан ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги бўлими, ЮНЕСКОнинг бутун умр давомида таълим институти (Гамбург, ГФР), Ўзбекистонда Катталар ва ёшларни уйғун тарбиялаш уюшмаси кўмагида ташкил этилди.
DVVдан маълум қилишларича, семинардан кўзланган мақсад - Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистоннинг катталарга таълим бериш соҳасидаги мутахассисларни Европа мамлакатлари тажрибаси асосида муваффақиятли амалиётлар билан таништиришдан иборат.
Семинар ишида давлат, нодавлат, халқаро ташкилотлар вакиллари, таълим провайдерлари, ушбу соҳани ривожлантиришдан манфаатдор бўлган ташкилотлари вакиллари қатнашади.
Семинарда катталарга таълим бериш соҳасида қонунчиликни ишлаб чиқишдаги илғор тажриба тақдим этилади. Ушбу соҳада Германия, скандинавия мамлакатларида катта тажриба тўпланган бўлиб, бу ерда ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб катталарга таълим бериш соҳасида қонунлар қабул қилина бошлаган.
Семинар иштирокчиларида халқаро тажрибани ўрганиб, ундан Марказий Осиёда фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.