Тошкентда минтақадаги энг йирик мева-сабзовот ярмаркаси очилмоқда

Дата: 11:38, 08-11-2016.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда минтақадаги энг йирик дея ном олишга улгурган уч кунлик халқаро мева-сабзовот ярмаркаси очилмоқда, деб хабар беради сешанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унинг асосий мақсади – Ўзбекистонда етиштириладиган, ноёб истеъмолбоп хусусиятларга эга сабзовот, мева, узум ва полиз маҳсулотлари билан хорижий ҳамкорларни кенг кўламда таништиришдан иборат.

“Ярмарка доирасида Ўзбекистон мева-сабзовот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва истеъмолчилар ўртасида давра суҳбатлари, иккитомонлама музокаралар ташкил этилиши, ярмарка иштирокчиларининг интенсив боғларга, мева-сабзовот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга, совутиш комплексларига ташриф буюришлари ҳам режалаштирилган”, - деб таъкидланади “Ўзбекозиқовқатхолдинг” хабарида.

Ушбу тадбир доирасида жами 1 млн тоннадан ортиқ янги мева-сабзовот маҳсулотлари, 30 минг тоннадан зиёд қайта ишланган мева-сабзовот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, кейинги 25 йилда мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 2 баравардан кўпга ошди. Ўтган йилда 12 млн тоннадан ортиқ сабзовотлар ва картошка, 2 млн тонна атрофида полиз маҳсулотлари, 1,5 млн тонна узум, 2,7 млн тонна мевалар етиштирилди. Ғалланинг ўртача ҳосилдорлиги гектардан 55% етди, баъзи жойларда 60-77 центнерни ташкил қилди. 2015 йилга келиб қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми деярли 7% ўсди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон юқори сифатли ва рақобатбардош мева-сабзовот маҳсулотлари экспортчисига айланди. Гар олдин ушбу маҳсулотлар асосан Россия, Қозоғистон ва бошқа МДҲ мамлакатларига етказиб берилган бўлса, ҳозирда ўзбек мева-сабзовот маҳсулотлари дунёнинг 120 мамлакати, жумладан, Индонезия, Норвегия, Монголия, Саудия Арабистони, Словакия, АҚШ, Таиланд, Япония ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: