Тошкентда муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури бажарилишини мониторинг қилувчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди

Дата: 17:33, 19-05-2016.

Тошкент. 19 май. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда Ўзбекистон Республикасида 2014-2016 йиллар учун муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури бажарилишини мониторинг қилувчи Учтомонлама маслаҳат гуруҳи йиғилиши ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу дастур, меҳнат соҳасида асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқларни амалга ошириш, муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистонда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ уч бўлимни ўз ичига олади. Бугунги кунда танланган устувор йўналишларга мувофиқ ушбу дастур компонентларини амалга ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда”, - деб таъкидлашди Касаба уюшмалари федерациясида.

 Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида ушбу ташкилотининг 82, 87, 129, 132, 144 ва 183-сонли конвенцияларини ратификация қилиш таклифлари киритилди. ХМТнинг техник, услубий ва эксперт кўмаги билан ҳар йили асос солувчи конвенциялар бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказилмоқда, аҳоли билан Қайта алоқа механизми йўлга қўйилди. ХМТ экспертларининг республикада ташкил этилаётган халқаро конференция ва давра суҳбатларида, шунингдек, Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни, Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган тадбирларда иштироки таъминланди.

Шунингдек, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Россия Академияси, Молдова Республикасининг меҳнат институтида Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари учун семинарлар ўтказилди. Касаба уюшмаларининг тренер-ўқитувчиларини тайёрлашга йўналтирилган “Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг таълим тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. ХМТнинг Туриндаги Халқаро ўқув маркази ўқув курсларида, шунингдек, ХМТ томонидан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда ташкил этилган субминтақавий конференция ва ўқув семинарларида Ўзбекистон вакилларининг иштироки ташкил этилди.

Бундан ташқари, мунтазам равишда давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар вакиллари учун меҳнат соҳасида асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда касаба уюшмалари фаолияти, корпоратив ижтимоий маъсулият, иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ва ёшлар бандлиги бўйича ўқув тадбирлари ҳамда семинарлар ташкил этилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: