Тошкентда МЖҲ Ҳукуматлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

Дата: 12:58, 06-11-2017.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – 3 ноябр куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“Мажлис ҳукуматлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Унда Арманистон Бош вазири Карен Карапетян, Беларусь Бош вазири Андрей Кобяков, Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов, Россия Ҳукумати раиси Дмитрий Медведев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Эюбов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев, Молдованинг МДҲ устави доирасидаги ва бошқа органлари ҳузуридаги мухтор вакили Виктор Сороган иштирок этди. Мажлисда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашди. Ҳукумат раҳбарлари Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди”, - дейилади хабарда.

Тошкентда биринчи марта ўтказилган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга доир йигирмага яқин масала кўриб чиқилди.

“Кенгайтирилган таркибдаги муҳокамаларда Ҳукумат раҳбарлари халқаро картелларга қарши самарали курашишда дунё ҳамжамияти кучларини бирлаштиришга оид баёнотни муҳокама қилди. Баёнотда МДҲ давлатларида халқаро картелларга қарши курашишда вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. Иштирокчилар Ҳамдўстлик мамлакатлари иқтисодиётининг барқарор ўсишида ҳамкорликдаги чора-тадбирларни амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади”, - дейилади хабарда.   

Ҳукумат раҳбарлари 2011 йил 18 октябрда қабул қилинган Эркин савдо зонасига оид шартнома низомлари ижросига доир маълумотни кўриб чиқиб, шартномада савдо мунозараларини ҳал этиш бўйича кўзда тутилган механизмлар томонларнинг шартнома бўйича ўз мажбуриятлари бажарилишига доир келишмовчиликларни тартибга соладиган ўзаро манфаатли самарали восита ҳисобланишини таъкидлади.

Бундан ташқари, ҳукумат раҳбарлари Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг нефть ва газ машинасозлиги, мелиорация ва товарларнинг божхона нархлари масалалари каби соҳалар бўйича ҳамкорлик концепцияси, жумладан, уларнинг ижросига доир Дастлабки тадбирлар режасини тасдиқладилар.

Муҳокамаларда Ҳамдўстлик органларининг 2017 йилги ягона бюджетига ўзгартиришлар киритиш, МДҲ органларининг 2018 йилги ягона бюджетини тасдиқлаш ҳамда бош прокурорлар мувофиқлаштирувчи котибияти фаолияти ва МДҲ иштирокчилари Давлатлараро инсонпарварлик ҳамкорлик фонди органлари фаолиятини таъминлашда аъзо давлатлар ҳисса бадалига ўзгартиришлар киритишга доир масалалар устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Товарларнинг божхона қийматини белгилаш ва назорат қилиш учун зарур бўлган маълумот алмашиш бўйича келишув лойиҳаси Ҳамдўстлик маконида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун аҳамиятли саналади. Ушбу ҳужжат аъзо давлатларнинг божхона чегаралари орқали ўтадиган товарларнинг декларация қилинган божхона қиймати ишончлилигини таъминлашда ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган. 

 Божхона тўловларини тўлашдан бош тортиш ҳаракатларига қарши курашишга қаратилган ҳужжат МДҲ давлатлари чегараларидан ўтадиган товарларнинг божхона қийматини самарали назорат қилиш имконини беради. Ҳукумат раҳбарлари мазкур ҳужжатни маъқуллади.

Иқтисодий бўлимдан МДҲ ҳудудида эркин савдо режимига бевосита боғлиқ бўлган яна бир ҳужжат ўрин олган бўлиб, бу 2009 йил 20 ноябрда қабул қилинган товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига оид келишувга ўзгартириш киритишга доир баённомадир.

Мажлисда МДҲ доирасида терроризм, экстремизм, шунингдек, уларни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича аъзо давлатлар ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтган музокаралар сўнггида 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, МДҲга аъзо давлатларда тиббий-ижтимоий ёрдамни янада ривожлантириш, уруш фахрийлари ва уларнинг оила аъзолари турмуш даражасини юксалтириш ҳамда бошқа қатор масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ҳукумат раҳбарлари МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси юксак савияда ташкил қилинганини якдил эътироф этиб, самимий меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Республикасига миннатдорчилик билдирди.

Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини 2018 йил июнь ойида Тожикистон Республикасида ўтказишга келишиб олинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: