Тошкентда немис тилидаги спектакллар фестивали бўлиб ўтади
Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – 12-13 сентябрда Тошкентда Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида немис тилидаги спектакллар фестивали саккизинчи маротаба бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ГФР Тошкентдаги элчихонасидан хабар қилишларича, фестивалда Самарқанд, Бухоро ва Фарғона шаҳарларида ташкил этилган Wiedergeburt Немис маданий марказлари ҳузуридаги тўрт театр гуруҳлари қатнашади. Улар немис тилида спектакллар кўрсатадилар.
Фестивал бошланиши олдидан гуруҳ иштирокчилари учун Германиялик педагог Йоахим Бюркерт бошчилигида амалий машғулотлари уюштирилади.
Фестивални Фарғона гуруҳининг “Абдуллажон” спектакли очади. Унда шу номли бадиий фильм қахрамони Сотволдининг саргузаштлари ҳикоя қилинади.
Бундан ташқари, Бухоролик театр гуруҳи эртак асосидаги “Чўчқабоқар” пьесасини намойиш қилади. Асарда қашшоқ шахзода ўзига малика қидиради.
Бозор куни, 13 сентябрда Тошкентлик театр гуруҳи “Бевалар” спектаклида ўз турмуш ўртоқларини қабрга тиққан икки аёл қисматини кўрсатади. Якунловчи спектаклда Самарқанддан келган гуруҳ “Бизнинг орамизда” пьесасини кўрсатади. Унда хорижликларда биз ҳақимиздаги эскича қарашлар ҳақида гап кетади.
Барча спектаклларга кириш бепул.


