Тошкентда очиладиган текстиль технопарки лойиҳаси $15 млнга баҳоланмоқда

Дата: 14:09, 17-12-2015.

Тошкент. 17 декабр. ЎзТАГ – Тошкентда очиладиган текстиль технопарки яратиш лойиҳаси $15 млнга баҳоланмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида яқинда Тошкентда “Ўзбекенгилсаноат” АЖ томонидан Корея Республикаси делегацияси иштирокидаги ташкил этилган ушбу лойиҳани амалга ошириш масалаларига бағишланган семинарда маълум қилинди.

Делегацияга Корея Республикаси Савдо, энергетика ва саноат вазирлигининг “Тараққиётга расмий кўмак” халқаро лойиҳаси (MOTIE) раҳбари Ким Жонг Жу бошчилик қилди.

Корея тўқимачилик технологиялари институти (KITECH) директори Парк Ёнг Хваннинг таъкидлашича, тўқимачилик технопаркини ташкил этиш лойиҳасининг дастлабки қиймати $15 млнга баҳоланиб, ушбу маблағ ҳисобидан қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, технологик ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш, ходимларни технопаркдан фойдаланишга ўргатиш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда корейс томонидан юқори технологияли 3 ва 5 қаватли маъмурий ҳамда офис бинолари, шунингдек, самарали технологиялардан фойдаланган ҳолда экспериментал ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ва қуёш батареялар билан таъминланган 2 қаватли бинонинг режасини ишлаб чиқилди.

Режага кўра, 4 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ҳудудда ўқув хоналари, конференция заллари, кўргазмалар ўтказиладиган хоналар, лабораториялар, офислар ва бошқа объектлар жойлаштирилади. 1,5 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ташкил этиладиган илмий-тажриба лабораториясида тўқиш, бўяш-пардозлаш, тикув ускуналари ўрнатилади.

Эслатиб ўтамизки, дастлабги маълумотларга кўра, 2015 йил охирига қадар Ўзбекистон енгил саноати экспорти ҳажмлари $1 млрддан (+5%) зиёдни ташкил этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: