Тошкентда одам савдоси билан шуғулланган шахс қўлга олинди

Дата: 15:42, 21-11-2017.

Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда одам савдоси билан шуғулланган шахс қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2017 йилнинг 27 сентябр куни, муқаддам судланган Бердиева Мубарак Камаритдиновна, фуқаролар Н.Э.Олимова, Н.Х.Буриева ва М.Х.Носироваларни Россия Федерациясида фоҳишалик билан шуғулланиб, катта миқдордаги даромад олиш билан қизиқтириб, уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда Россия Федерациясига фоҳиша сифатида ишлатиш мақсадида юбормоқчи бўлган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент ҳалқаро аэропортида ушланди”, - дейилади Ўзбекистон пойтахти Ички ишлар бош бошқармаси хабарида. 

Ушбу факт юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “б” банди (одам савдоси, яъни икки ёки ундан ортиқ шахсларни улардан фойдаланиш мақсадида ёллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилди.

“Ўтказилган дастлабки тергов давомида М.К.Бердиева кўрсатиб ўтилган аёллардан ташқари фуқаролар М.И.Юлдашева, Ш.К.Муминова, Г.И.Махмудова, Д.А.Миркаримова ва И.У.Расуловаларни ҳам фоҳиша сифатида ишлатишлик учун Россия Федерациясига юборганлиги аниқланган”, - дейилади хабарда. 

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, М.К.Бердиеванинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: