Тошкентда ҳокимият қошида тажриба тариқасида жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда

Дата: 09:46, 06-03-2018.

Тошкент. 6 март. ЎзТАГ – Тошкентда ҳокимият қошида илк марта тажриба тариқасида жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек тумани ҳокимияти ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида хабар қилди.

“Жамоатчилик кенгаши туманни ривожлантириш дастурларини амалга оширишда Мирзо-Улуғбек тумани ҳокимиятига ёрдам берувчи консультатив ва кенгашув органи ҳисобланади. Ҳамкорликнинг бундай шакли, бизнингча, халқ билан мулоқот ва жамоатчилик назоратини кучайтириш тамойилига бевосита жавоб беради”, - дейилади хабарда.

Кенгаш аъзолари 21 кишини ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бевосита туман ҳокимига бўйсунувчи давлат органлари вакиллари ва бюджет ишчилари кенгашга аъзо бўла олмайди. Кенгашнинг етти аъзоси мустақил тарзда ёки туман фуқаролари томонидан номзоди қўйилган ҳолда кенгашга киритилади.

“Ўз номзодини қўйиши учун ҳокимлик туманнинг халқ таълими, жамоат хавфсизлиги (ИИВ), бизнес, санъат, фан, ёшлар каби йўналишлар бўйича жамоатчилик тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр бўлган фаол фуқароларини қидирмоқдамиз”, - деб таъкидланади хабарда.

Аризалар 6 март куни 16:00 гача қабул қилинади. Шу куни кечқурун жамоатчилик кенгаши таркиби эълон қилинади, шунингдек, биринчи учрашувнинг кун тартиби ва кенгаш фаолиятининг тартиби ошкор этилади.

Биринчи учрашув 9 мартга режалаштирилган бўлиб, унда жамоатчилик кенгашининг мақсад ва вазифалари муҳокама қилинади.

Мажлислар бир ойда бир марта олдиндан белгиланган кун тартибига мувофиқ ўтказилади. Кенгаш таркиби жинс, ёш ва миллат жиҳатидан мўътадил бўлади.

Сурат манбаи: http://evroportal.ru/strani/osobennosti-zhizni-v-uzbekistane/

Янгилик билан ўртоқлашиш: