Тошкентда “Олис ва яқин Уммон” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейида “Олис ва яқин Уммон” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Музейдан хабар беришларича, кўргазманинг очилиш маросимида Уммон Султонлигининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммад бин Саъид ал-Лаватий, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, Уммон Султонлиги Хужжат ва архивларни сақлаш миллий бошқармаси раҳбари Оман Хамад бин Муҳаммад ал-Давянийлар иштирок этдилар.
Экспозиция Уммон Султонлиги Хужжат ва архивларни сақлаш миллий бошқармаси, Амир Темур Халқаро ҳайрия жамғармаси ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Темурийлар тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Очилиш маросимининг маданий дастурида Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги фольклор намуналари ва қўшиқлари тақдим этилди.
Қайд этиш керакки, Уммон Султонлиги Ўзбекистон мустақиллигини энг биринчилардан бўлиб 1991 йил декабрда тан олган, 1992 йил апрелда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган.
Ўзбекистон раҳбарининг 2009 йил 4-5 октябр кунлари Уммон Султонлигига қилган расмий ташрифи ҳам мамлакатлар орасидаги ҳамкорликнинг ривожланишида катта роль ўйнади.
Бугунда икки мамлакат фан, таълим ва маданият соҳаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Тошкентда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонасини қуриш ҳақидаги келишув бунинг ёрқин далилидир.