Тошкентда опера хонандаси Муяссар Раззоқованинг концертлари бўлиб ўтади

Дата: 17:49, 20-05-2016.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ – 21 ва 22 майда Тошкентда опера хонандаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муяссар Раззоқованинг концертлари бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

19 майда А.Навоий номидаги Давлат катта Академик опера ва балет театрида ушбу воқеага бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

“Операнинг мафтункор баҳори” деб номланган концертларда дирижёр Джерардо Колела (Италия) ва 22 майда сопрано Вероника Жиоевалар (Россия, Чехия) қатнашадилар.

Эслатиб ўтамизки, Муяссар Раззоқова профессор, опера қўшиқчилиги устасидир. Хонанда репертуарида опера репертуарининг лирик-колоратур сопрано йўналишидаги барча партиялари мавжуд. Булар Ж.Вердининг “Травиата”сидаги Виолетта, “Риголетто”сидаги Жильда, Г.Доницеттининг “Лючиди Ламмермур”идаги Лючия, Ж. Россинининг “Севилялик сартарош”идаги Розина, Г. Доницеттининг “Муҳаббат оғуси”даги Адина, Ж. Бизенинг “Жавоҳир қидирувчилар”идаги Лейла, Н. Римского-Корсаковнинг “Подшонинг қайлиғи”даги Марфа партияларидир.

Шунингдек, хонанда М.Ашрафийнинг “Дилором” операсидаги Дилором, С. Юдаковнинг “Майсаранинг иши”даги Ойхон, Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг “Лайли ва Мажнун”идаги Лайли образларида ҳам куйлай олади.

Икки йил олдин Муяссар Раззоқова Ўзбекистон Давлат консерваториясининг академик қўшиқчилик кафедрасига мудирлик қила бошлади ва яккахон қўшиқчилик профессори унвонига эга бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: