Тошкентда пахта теришни механизациялаштиришнинг ижтимоий таъсири муҳокама қилинди

Дата: 16:08, 19-06-2015.

Тошкент. 19 июн. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “доира суҳбати”да Жаҳон банки (ЖБ) экспертлари томонидан тайёрланган пахта териш жараёнини механизациялаштиришнинг ижтимоий таъсирига бағишланган ҳисоботи муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Меҳнат вазирлигидан хабар қилишларича, Ўзбекистон ҳукумати пахта териш жараёнини тезкор механизациялаштириш дастурини амалга оширмоқда. Дастур қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш стратегиясининг бир қисмидир.

Учрашувда пахта териш жараёнини тезкор механизациялаштиришнинг қишлоқ хўжалик соҳаси ишчилари ва фермерларга ижтимоий таъсирига баҳо бериш натижалари тақдим этилди. Хужжатда айтилишича, фокус гуруҳидаги фермерлар механизация пахта ҳосилини йиғиш жараёнини тезлаштиради.

Шу билан бирга, пахта теришда қатнашаётган уй хўжаликлари пахта териш жараёнини механизациялаштириш уларнинг даромадларига салбий таъсир қилишидан хавотирдалар.

Шунингдек, қишлоқдаги аҳоли учун қўшимча ва муқобил даромад манбаларини таъминлаш бўйича жаҳон тажрибаси ҳам муҳокама қилинди.

“Доира суҳбати”да ЖБ миссияси аъзолари, Халқаро меҳнат ташкилоти, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ССП, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакиллари қатнашдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: