Тошкентда парламент юқори палатасининг учинчи ялпи мажлиси очилмоқда

Дата: 13:20, 06-08-2015.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси очилмоқда. Бу ҳақида юқори палата матбуот хизмати хабар қилди.

Маълумотга кўра, ялпи мажлисда жами 11 та масала, жумладан, 6 қонун кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Шунингдек, мажлис кун тартибига ижтимоий-сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида аҳамияти катта бўлган қатор қонун ҳужжатлари киритилган.

Хусусан, сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунларни кўриб чиқадилар.

Бундан ташқари, Сенат Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам тинглайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: