Тошкентда президент мактаби очилди

Дата: 10:27, 11-09-2019.

Тошкент. 11 сентябрь. ЎзТАГ - Тошкентда президент мактаби очилди, 10 сентябрь куни у ерга Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Пойтахтда биринчи президент мактаби фойдаланишга топширилди. 168 нафар ўқувчи учун ўқув биноси ва ётоқхона, ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона барпо этилди ва жиҳозланди. ( ... ) Мактаб STEAM методикаси бўйича фанларни ўқитиш учун дарсликлар ва қўлланмалар билан таъминланган", - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, ушбу мактабларда таълим жараёни ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади.

2019 йилда мактабларнинг 5-10-синфларидан 7 мингга яқин хоҳловчилар ҳужжатларини тақдим этди, танловдан 144 ўқувчи ўтди. «Teachaway» (Канада) ва «Teachaway» (Буюк Британия) ишга қабул қилиш компаниялари билан ҳамкорликда 30 нафар хорижий мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчилар жалб этилди.

Ш. Мирзиёев мактабда яратилган шароитлар билан танишиб, мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари билан суҳбатлашди. Шунингдек, у фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб, мактабнинг биринчи ўқувчилари ва ўқитувчилари билан суратга тушди.

Бундан ташқари, президент мактаблари 2019 йили Нукус, Хива ва Наманганда очилади. Мактаблар 2020 йили Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йили Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида очилиши режалаштирилмоқда.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: