Тошкентда психотроп воситалар сотиш бўйича тармоқ фош этилди

Дата: 16:16, 12-06-2017.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – МХХ оператив ходимлари ўтказган махсус операция доирасида Тошкентда психотроп воситалар сотиш билан шуғулланган йирик гуруҳ қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизими хабарига асосланган ҳолда.

“Гуруҳнинг 23 аъзосини қўлга олиш бўйича операция Учтепа ва Чиланзор туманларида ўтказилди. Уларнинг қўлидан “трамадол” (5980 дона), “трамбо” (55 дона), “лирика” (43 дона), “сонат” (10 дона) каби психотроп воситалар, 4,7 млн сўмдан зиёд пул олиб қўйилди”, - деб таъкидланади МХХ хабарида.

Тергов доирасида жиноий гуруҳ ташкилотчиси аниқланди. Натижада ҳеч қаерда ишламайдиган бир неча марта судланган 41 ёшли Султонхўжа Агзамов қўлга олинди.

У Тошкентнинг бир неча нуқталарида психотроп воситалар сотувини назорат қилган ва сотувчилардан кунига $100 миқдорда тўплаган. Жиноятчи қимор ўйинлари ташкил этишга ихтисослашган тармоқка ҳам етакчилик қилган.

Психотроп воситалар Қозоғистондан контрабанда йўли билан келтирилган. Кейин улар қадоқланиб, Бухоро, Хоразм ва Сурхандарё вилоятларига йўлланган. Тошкентда улар асосан Учтепа ва Чиланзор туманларида сотилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: