Тошкентда раҳбарлик лавозимларига энг қобилиятли кишилар тайинланишини таъминловчи қонун лойиҳаси тақдим этилди

Дата: 15:41, 21-07-2017.

Тошкент. 21 июл. ЎзТАГ – Тошкентда раҳбарлик лавозимларига энг қобилиятли кишилар тайинланишини таъминловчи қонун лойиҳаси тақдим этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушу янги тартиб “Давлат хизмати тўғрисида” янги қонун лойиҳаси концепцияси билан кўзда тутилган.

“Янги хужжат давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, ташкилотнинг асосий принциплари ва давлат хизмати тизимининг фаолиятини тартибга солиш, давлат хизматчилари кадрлари таркибини шакллантириш, танлов асосида ёллаш, ўтказиш, фаолиятни баҳолаш, хизматдан бўшатиш масалалари, давлат хизматчиларининг ижтимоий ва пенсия таъминотини ҳисобга олган ҳолда, ҳалол ва фидокорона хизматни моддий ва номоддий шаклда рағбатлантириш механизмлари, шунингдек, хизмат этикаси ва коррупцияга қарши кураш масалаларини ҳам тартибга солишни кўзда тутади”, - деб таъкидлашди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматида.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов қонун лойиҳаси хорижнинг илғор тажрибаси инобатга олиниб тайёрланаётгани, шу билан бирга, унга бир қатор қўшимчалар акс эттирилиши режалаштирилаётганини таъкидлади. Хусусан, ишлаб чиқилаётган қонунда меритократия тушунчаси – ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий даражасидан қатъи назар энг қобилиятли кишиларнинг раҳбарлик лавозимларини эгаллашларига асосланган бошқариш принципи жорий этилади.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг долзарблиги у 11 та вазирлик, 7 та давлат қўмитаси, 6 та агентлик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 3 та қўмита, 6 та Марказ, 7 та давлат инспекцияси, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари хизматчиларига бевосита дахлдорлиги билан эътирофга сазовордир.

Учрашувда иштирок этган экспертларнинг таъкидлашича, қонун концепцияси моҳияти ва мазмуни мамлакатни истиқболда ривожлантириш йўлида турган долзарб масалаларга жавоб беради ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга сезиларли ҳисса қўшиши мумкин. Амалга оширилаётган ўзгаришлар асносида мазкур қонун қабул қилинадиган бўлса, у давлат ва жамият муносабатларидаги тузилмавий ўзгаришлар катализаторига айланиши мумкин.

Шунингдек, давра суҳбати ишида иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасида давлат хизматчилари фаолиятининг натижасини улар томонидан кўрсатилаётган давлат хизмати билан боғловчи самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини (KPI) ўзида акс эттирувчи мезонни киритиш зарурлиги қайд этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: