Тошкентда регби бўйича илк маротаба болалар фестивали ўтказилади

Дата: 16:25, 09-10-2015.

Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – 10-11 октябрда пойтахтдаги Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғида илк маротаба GIR Festival болалар регби фестивали ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Фестивал Ўзбекистон регби федерацияси томонидан Буюк Британиянинг мамлакатдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Федерациядан маълум қилишларича, GIR Festival Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда. Ташкилотчилар унинг ушбу спорт турини болалар орасида оммалаштиришга ҳисса қўшишидан умид қилмоқдалар.

Фестивалда Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва пойтахтнинг 10 та жамоаси (жами 200 бола), шунингдек, Тошкент шаҳри ва Қозоғистондан келган бир неча жамоалар иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг вазирлик ва муассасалари, дипломатик корпус вакиллари фестивал меҳмонлари бўладилар.

Бундан ташқари, регби-15 бўйича олтита кўргазмали ўйин намойиш этилиши ҳамда Буюк Британиядан келган мураббийларнинг маҳорат дарслари ҳам режалаштирилган.

Ҳакамлар коллегиясига япониялик тренер Ю Хакуба кирган бўлиб, у Япон халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида Scrum Project дастури доирасида жалб қилинган.

Эслатиб ўтамизки, GIR Festival болалар регби фестивали World Rugby Халқаро регби иттифоқи ташкилотига аъзо бўлган 120 мамлакатда ўтказилади. Бу йили у шу кунларда Буюк Британияда бўлиб ўтаётган регби бўйича Жаҳон кубогига бағишланиб ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, регби ўйини XIX аср бошида Англияда пайдо бўлган. 2009 йилда Халқаро олимпиа қўмитаси ушбу спорт турини Рио-де-Жанейродаги Олимпиа ўйинларига киритиш ҳақида қарор қабул қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: