Тошкентда Республика жарроҳлик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ташкил этилмоқда

Дата: 16:45, 22-03-2017.

Тошкент. 22 март. ЎзТАГ – Тошкентда Республика жарроҳлик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг ангионеврология бўлими негизида Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган марказини ташкил этиш, унинг беморлар ўрин фондини 40 ўрингача етказиш, шу жумладан 20та ўрин пулли асосда тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланиши ҳақидаги таклифи қабул қилинсин”, - дейилади хужжат матнида.

Шунингдек, марказ мия қон-томир етишмовчилиги касалликларини даволашнинг замонавий усулларини жорий этган ҳолда юрак ва қон томир етишмовчилиги касалликларини даволайди.

Бундан ташқари, малакали ангионевролог мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ҳамда кўргазмали операциялар, таълим берувчи маърузалар ва семинарлар ташкил этиш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, марказ мия қон-томир етишмовчилиги билан боғлиқ касалликлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради, шунингдек, ушбу хасталикларга чалинган беморларни даволайди.

Хужжатга мувофиқ, янги тиббиёт муассаси сурункали мия қон-томир етишмовчилиги касаллигига чалиниш билан боғлиқ ҳолатларни доимий равишда таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистонда инсульт касаллиги миллий регистрини ишлаб чиқади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: