Тошкентда “Россия” Давлат рус халқ ансамбли концерт берди
Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда Людмила Зыкина номидаги “Россия” Давлат академик рус халқ ансамбли концерт берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Концерт Россотрудничество ваколатхонаси томонидан Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Буюк Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида ташкил этилди.
Мухбиримизнинг хабарига кўра, кеча иштирокчиларини Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Владимир Тюрденев ва Россия фан ва маданият маркази раҳбари Виктор Шулика қутлаганлар.
Кечага ветеранлар, россиялик ватандошлар, Ўзбекистон маданияти арбоблари, талаба ёшлар таклиф этилди.
Давлат консерваториясининг орган залида ансамблнинг бадиий раҳбари ва бош дирижери Дмитрий Дмитриенко,бутунроссия ва халқаро конкурслар лауреатлари Олег Пискунов (балалайка), Сергей Чучупалов (балалайка, контрабас) ва Алексей Моисеевлар (зарбли созлар) чиқиш қилдилар. Уларга Россия халқ артисти Надежда Крыгина жўр бўлди.
Концерт доирасида уруш йилларининг машҳур қўшиқлари бўлган “Катюша”, “Кўк рўмол”, “Волга”, “Валенки” ва бошқа кўплаб ашулалар ишро этилди.