Тошкентда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартноманинг юбилейи нишонланди

Дата: 05:57, 18-06-2014.

Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда “Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланганлигининг ўн йиллигига бағишланган “доира суҳбати” бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тадбир Россотрудничество ваколатхонаси, Ўзбекистон Миллий университетининг Тарих факультети ҳамда Россиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.  
Россотрудничество ваколатхонаси раҳбари Валерий Кайернинг сўзларига кўра, маданий ҳамкорлик масалаларида Россия ва Ўзбекистонда ўзбек ва рус диаспораларининг мавжудлиги муҳим омиллардан биридир. Бугун Ўзбекистонда 1 млн атрофида рус миллатига мансуб кишилар истиқомат қилади. Рус тили мактаблар ишламоқда, дарсликлар, даврий нашрлар чоп этилмоқда, ОЎЮда рус гуруҳлари бор.
Ўзбекистонда бир неча йиллар давомида Г.В Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, М. В. Ломоносов номидаги Москва давлат  университети, И.М. Губкин номидаги Россия нефт ва газ давлат университетларининг филиаллари ишлаб келмоқда.
Ўтган 10 йил давомида мингдан ошиқ ўзбек талабалари Россия ОЎЮда бепул таълим олиш имконини берувчи стипендияларга эга бўлдилар.
Шунингдек, Ўзбекистондаги Суффа платосида радиоастрономия обсерваториясини қуриш лойиҳаси ҳам иккитомонлама муносабатлардаги муҳим жиҳатлардандир. Ушбу лойиҳа икки мамлакат олимлари томонидан биргаликда амалга оширилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: