Тошкентда россиялик таниқли актёр Дмитрий Дюжев иштирокида “У” фильмининг премьераси бўлиб ўтди

Дата: 15:38, 12-05-2017.

Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – Тошкентда россиялик таниқли актёр Дмитрий Дюжев иштирокида “У” фильмининг премьераси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу қисқа муддатли фильм Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабаси Мухлиса Азизова томонидан Кинематографияни ривожлантириш маркази кўмагида суратга олинган.

Фильм 70- Канн халқаро кинофестивалида намойиш этилади.

Премьера Ўзбекистон Рус Академик драма театрида бўлиб ўтди. Картина Дилмурод Масаидов ва Мансура Васатий сценарийси асосида суратга олинган, ғоя муаллифи Абдужамил Содиқов, оператор - Дилмурод Турдибоев.

15 дақиқалик фильмда севги ва инсонийлик, ростгўйлик ҳақида сўз боради, сабр ва матонат туфайли қийинчиликларни енгган киши образи очиб берилади.

Бош роль ижрочиси Дмитрий Дюжевнинг фикрига кўра, фильм чуқур фалсафий бўлиб, инсон ҳаёти қадриятларини очиб беради.

Актёр Тошкентда бўлган чоғида Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ёшлари билан учрашув ва маҳорат дарси ўтказди, Кинематографияни ривожлантириш марказида бўлди. Ўзбекистон Рус Академик драма театрида эса “Евгений Онегин” моноспектаклини ижро этди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: