Тошкентда самолетларнинг композицион қисмларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича янги марказ очилди

Дата: 14:37, 28-01-2016.

Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – Тошкентда самолетларнинг композицион қисмларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича янги марказ очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Марказ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси томонидан американинг Boeing корпорацияси кўмагида ишга туширилди.

“Марказ Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси негизида ишлайди. Boeing компанияси янги тузилмага $500 минг миқдорда беғараз инвестиция киритди. Бу маблағ эвазига марказ учун титанли қотишмаларни ишлашда, самолётлар олди қисми деталларини елимлаш ва бошқа жараёнларда қўлланиладиган махсус печлар харид қилинди. Марказ барча турдаги самолётларга хизмат кўрсата олади”, - деб таъкидлашди авиакомпанияда.

Шунингдек, марказ фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида авиакомпания ходимлари Boeing ҳаво кемаларининг композитли деталларини таъмирлаш бўйича махсус ўқув курсларидан ўтдилар. Механиклар Сингапурда Basic Composites Repair and Metal Bond курси бўйича амалий ва назарий билимлар олиб қайтди, муҳандислар эса Сиэтлда тайёргарлик ўтдилар.

Бандан ташқари, жорий йилда Uzbekistan Airways Technics мутахассислари бевосита Boeing-787 Dreamliner лайнерларини таъмирлаш бўйича ўқитилиши режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: