Тошкентда Санкт-Петербург кунлари ўтказилади

Дата: 15:26, 22-04-2019.

Тошкент. 22 апрель. ЎзТАГ – Тошкентда Санкт-Петербург кунлари бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Пойтахт маъмуриятининг маълумотларига кўра, ҳокимиятда Санкт-Петербург ташқи алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Сергей Марков билан учрашув бўлиб ўтди.

“Учрашув чоғида бу йил Тошкентда Санкт-Петербург кунларини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Тошкент ва Санкт-Петербург шаҳарлари ҳокимияти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Элбек Шукуров таъкидлаганидек, 2018 йилда Санкт-Петербургдаги Тошкент кунлари доирасида ташкил этилган тадбирлар тадбиркорлик ва истеъмол бозори ва маданий алмашинув соҳасида икки томонлама мулоқотни мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Ўз навбатида С. Марков ўзбек халқининг меҳмондўстлигини, хусусан, Тошкент халқининг самимияти ва очиқкўнгиллигини таъкидлади. У Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиш, шаҳар тарихи билан танишиш истагини билдирди.

Сурат манбаи: tashkentnews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: