Тошкентда сариқ тарвузлар сотувга чиқди

Дата: 11:08, 03-07-2015.

Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда сариқ тарвузлар сотувга чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида биринчи бўлиб Facebookдаги “Потребитель.уз” саҳифаси аъзолари хабар қилдилар.

Уларнинг сўзларига кўра, бундан ғаройиб тарвузларни пойтахтдаги Makro супермаркетлар тармоғида донасига 13 минг сўмдан сотиб олиш мумкин. Харидорларнинг сўзларига кўра, ушбу тарвузларнинг таъми оддий қизил тарвузларникидан деярли фарқ қилмайди.

Супермаркетнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қилинишича, янги тарвуз тури Ўзбекистонга Таиланддан олиб келиниб, Makro тармоғи буюртмасига кўра Қашқадарё вилоятининг фермер хўжаликларидан бирида етиштирилган.

Эслатиб ўтамизки, Тошкент бозорларида бир дона оддий тарвузнинг нархи 4-5 минг сўмга тенг.

$1 = 2555,6 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: