Тошкентда сайлов жараёнини ёритиш масалалалари муҳокама қилинди
Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентда сайлов жараёнини ёритиш масалалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.
“Тошкентда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ва нодавлат телерадиоузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини нодавлат оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди”, - дейилади хабарда.
Йиғилишда ЎзЭОАВМА бошқаруви аъзолари, Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати, ҳудудий телерадиостанциялар ҳамда лойиҳалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланишича, йиғилишда ЎзЭОАВМА ва нодавлат телерадиоузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича чора-тадбирлар дастури муҳокама қилинди.
Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Н.Нурматов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик сингари демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Олдин хабар қилингани каби, 21 сентябрда Ўзбекистон МТРК, ЎзА, “Жаҳон” АА, ЎзЭОАВМА, "Uzreport” АА билан президент сайловларини ёритиш бўйича битим имзолаган эди.
Эслатиб ўтамизки, муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловларида 4 партия қатнашади. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либераль-демократик партияси (ЎзЛиДеп) Шавкат Мирзиёевни, “Миллий тикланиш” Демократик партияси Сарвар Отамурадовни, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмоновни номзод қилиб кўрсатган.
Муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтади. Муддатидан олдинги сайловлар Ўзбекистонда Конституцияга мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда.
Президент 5 йил муддатга сайланади.