Тошкентда ШҲТ доирасидаги ўзбек-белорус алоқалари муҳокама қилинди

Дата: 16:46, 03-02-2016.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов Беларус Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Николай Клакевични қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ хабар қилишларича, суҳбат давомида икки ва кўп томонлама шакллардаги алоқалар, жумладан Беларус кузатувчи давлат мақомига эга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар мулоқот чоғида Ўзбекистон-Беларус учрашувларининг жадвали ва кун тартиби ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Эслатиб ўтамизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг 10 июлида ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: