Тошкентда ШҲТ саммити ўз ишини бошламоқда

Дата: 15:23, 23-06-2016.

Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бошчилигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-саммити бошланмоқда, деб хабар беради пайшанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РИА Новости маълумотларига кўра, саммитда имзолаш учун 11 хужжат тайёрлаб қўйилган. ШҲТ 15 йиллиги муносабати билан Тошкент декларацияси саммитнинг асосий хужжати бўлиши кутилмоқда. Унда ташкилот аъзоларининг уни ривожлатириш истиқболларига ёндашувлари, ШҲТ жорий халқаро ва минтақавий вазият, долзарб хавфсизлик муаммоларига баҳоси акс этади.

 Саммит аъзо давлатлар етакчиларнинг тор доирадаги учрашуви билан бошланади. Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг хабар беришича, кун тартибида уч асосий масала бўлади. Булар “ШҲТ йиғилиши доирасида имзолаш учун киритилаётган худжжатлар, Ҳиндистон ва Покистонни тўлақонли аъзоликка қабул қилиш бўйича музокаралар жараёни ва долзарб хавфсизлик муаммолар бўйича фикр алмашиш”га доир хужжатлардир.

 Олдин хабар қилингани каби, ШҲТ аъзо давлатлар раҳбарларидан Қозоғистон  президенти Нурсултон Назарбоев, ХХР раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўз иштирокларини расман тасдиқлаганлар. Кузатувчи давлатлардан йиғилишда Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Мўғилистон президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон президенти Мамнун Ҳусайн, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ташқи ишлар вазири  Муҳаммад Зариф, шунингдек, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов меҳмон сифатида иштирок этади.

Тошкентдаги ушбу тадбирда қатнашиш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, хорижий ОАВнинг 1 минг атрофида вакиллари етиб келадилар.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: