Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар вазирларининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент. 27 сентябрь. ЎзТАГ – Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар вазирларининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Тошкентда 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раислигида ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул ШҲТга аъзо давлатлар вазирларининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди", - дейилади вазирликнинг матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Покистон вакиллари иштирок этди.
Томонлар саноат ва қишлоқ хўжалигида инновацион ва ресурс тежайдиган технологияларни кенг жорий этишга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ҳамкорлик истиқболларини, ўзаро манфаатли тариф сиёсатини шакллантириш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш механизмларини, ШҲТга аъзо мамлакатлар ишбилармон доираларини яқинлаштириш ташаббусларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида кўп томонлама ишчи гуруҳлар алоқаларининг тезкорлиги ва частотасини ошириш ва уларнинг коммуникациялар даражасини рақамли даражага кўтариш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Делегациялар раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ва ШҲТ иқтисодий таҳлил марказлари консорсиуми регламенти лойиҳасини маъқулладилар, шу муносабат билан ШҲТ котибиятига 2019 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг бўлажак мажлиси доирасида тасдиқлаш учун лойиҳаларни киритиш тавсия этилди.
Йиғилиш якунида баённома имзоланди.
Сурат манбаи: mift.uz


