Тошкентда шаҳарсозлик кўргазмаси очилади

Дата: 17:29, 17-05-2017.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – 19 майда Тошкентда Хорижий мамлакатлар билан алоқа бўйича ifa Институтнинг (Штутгарт, Германия) ARCH+, ”Архитектура ва шаҳарсозлик” журнали (Берлин) билан ҳамкорликдаги шаҳарсозлик кўргазмаси очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Пост-нефть шаҳри” номли экспозиция Ўзбекистон Бадиий  академиясининг кўргазмалар залида намойиш этилади. Бу ҳақида Гёте-Институт Тошкент маълумот бермоқда.

Муаллифларнинг фикрига кўра, дунё аҳолисининг аксари шаҳарларда яшаётган пайтда иқлим ўзгаришлари бўйича таклифларни ишлаб чиқишда айнан шаҳар муаммоларини ҳисобга олиш керак.

Кўргазмада Осиё, Африка ва Америка мамлакатларидаги қазилма бойликлардан қайта тикланувчи қувват манбаларига ўтиш, бунинг шаҳар тизимига таъсири кабиларга доир инновацион лойиҳалар тақдим этилади.

Шу орқали барқарор ривожланиш, шаҳар ҳаракати ва урбанистик тизимлар соҳасидаги 11 долзарб иш кўриб чиқилади.

Бунда Абу-Дабидаги Масдар (Masdar), Дубайдаги Ксеритаун (Xeritown) ёки Эфиопиядаги НЭУГ (NEST) каби кўрамли лойиҳалар билан бирга бошқа намунавий лойиҳалар ҳам намойиш этилади.

Улар орасида Куритиба шаҳри марказидаги жамоат транспорти концепцияси, Нью-Йоркдаги Хай-Лайн (High Line) паркининг янгиланиши, Исроилда амалга оширилаётган алмаштириладиган қувват манбаларига эга электромобиллар учун тармоқ лойиҳаси кабилар бор.

Лойиҳалар анимация ва видеоматериаллар билан бирга ўтказилади. Масдар ва Ксеритаун араб шаҳарлари макетларини макон кесимида кўриш мумкин бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: