Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг йиғилиши бўлиб ўтади

Дата: 14:11, 28-04-2017.

Тошкент. 28 апрел. ЎзТАГ – 11-12 майда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Форумининг XII  йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, кузатувчи мамлакатлар Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, Котибият ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроя қўмитаси, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.

“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форуми ташкилотга аъзо давлатлар илмий-тадқиқот ва сиёсий марказлари орасида алоқаларни кенгайтириш, ШҲТ фаолияти баъзи жиҳатлари бўйича таҳлилий, прогноз материаллари, тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган кўпқириррали мустақил жамоатчилик маслаҳат-тадқиқот механизмидир”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматида.

Бўлажак тадбирда ШҲТ 2016 йил июнда Тошкентда бўлиб ўтган ташкилот раҳбарлари Кенгаши ўн олдинчи йиғилиши якунлари, ташкилот ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, хавфсизлик соҳасини янада ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва инвестициявий ҳамкорлик ҳамда ташкилотни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилинади.

Шунингдек, кузатувчи-давлатлар ва мулоқотдаги ҳамкор давлатлар билан мулоқотни фаоллаштириш, уларнинг улкан салоҳиятини ШҲТ доирасидаги қўшма фаолиятга жалб қилиш каби масалалар ҳам ШҲТ Форуми учрашуви кун тартибига киритилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: