Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди
Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги йигирма тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Мажлис давомида 2014 йилнинг тўртинчи чорагида ШҲТга аъзо давлатлар ва ШҲТда кузатувчи давлатлар ўртасида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик масаласига бағишланган иккинчи илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида ШҲТ МАТТ Кенгаши томонидан террористик, сепаратистик ва экстремистик йўлда фойдаланиладиган интернет ресурсларнинг Ягона реестри тўғрисидаги низом тасдиқланди”, дея қайд этилади ташкилот хабарида.
Шунингдек, Хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучларнинг Афғонистон Ислом Республикасидан 2014 йилда қисман чиқарилганидан сўнг ШҲТга аъзо давлатларнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирлари келишиб олинди. Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг интернет тармоғидан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишни аниқлаш, олдини олиш ҳамда тўсиб қўйиш борасидаги ўзаро ҳамкорлиги механизми тўғрисидаги низомни ҳам тасдиқландилар. Шунингдек, 2014 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг ҳамкорликда чегара операцияларини ўтказиш тўғрисидаги қарор маъқулланди.