Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳудудий аксилтеррор таркибининг йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳудудий аксилтеррор таркиби кенгашининг (ШҲТ ҲАТТ) навбатдаги XXVI йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ТИВдан хабар қилишларича, йиғилишда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва ШҲТ ҲАТТ Ижроя қўмитаси вакиллари қатнашганлар.
Йиғилишда ШҲТ ҲАТТ кенгашининг таркиб 2014 йилдаги фаолияти якунларига доир маърузаси ва ШҲТга аъзо давлатларнинг 2015-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик дастури маъқулланди.
Шунингдек, таркиб доирасида экстремизмга қарши курашни тартибга солувчи меъёрий хужжатни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Интернетдан террористик мақсадларда фойдаланишга қарши туриш бўйича қўшма ўқувлар, шунингдек, ШҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши туриш бўйича илмий-амалий конференцияни ўтказиш ҳақида қарорлар қабул қилинди.
ШҲТ ҲАТТ фаолиятининг асосий йўналишлари, шунингдек, ижроя қўмитасини ташкилий ва молиявий таъминлаш масалалари юзасидан ҳам қарорлар қабул қилинди. Йиғилиш якунлари бўйича ШҲТ ҲАТТ ижроя қўмитаси фаолиятига ижобий баҳо берилди.
ШҲТ ҲАТТ кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2015 йил сентябрда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилди.