Тошкентда Сталинград остонасидаги ғалаба нишонланди
Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – Тошкентдаги Россия фан ва маданият марказида совет қўшинларининг Сталинград остонасидаги ғалабасига 74 йил тўлишига бағишланган тарихий клубнинг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ҳар йили 2 февралда Россияда Сталинград жанги Ҳарбий шон-шуҳрат куни сифатида нишонланади. Сталинград ҳимоячиларига қўйилган энг таниқли монумент Мамаев қўрғонидаги “Она Ватан чорлайди” мажмуидир. Бу ерда собиқ Совет Иттифоқининг турли миллатдан бўлган қахрамонлар қабрига гуллар қўйилади”, - деди тарихчи Василий Костецкий.
Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош мутахассиси Анатолий Миленин ушбу жанг билан боғлиқ тарихий фактлари ҳақида гапириб берди.
“Сталинград мудофаасининг 200 шонли куни тарихга энг қонли ва шафқатсиз кунлар сифатида кирди. Шаҳарни ҳимоя қилишда 700 мингдан ортиқ жангчи ва офицерлар ҳалок бўлишди. Улар орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бор. Сталинград жанги Иккинчи жаҳон урушидаги энг йирик жанг бўлди. Шундан сўнг немис қўшинлари ташаббусни бутунлай йўқотдилар”, - деди шоир ва журналист Гуарик Багдасаров иштирокчиларга Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбекистонликлар ҳақидаги китобни тақдим эта туриб.